Дарахтлар сакраб, ер силкинар эди (II қисм)

Йиқилган уй зилзилаЎзбекистон тарихида энг даҳшатли зилзила тўғрисида Артур Самари мақоласи.

1976 йилда СССР тарихида газчилар шаҳарчаси Газлида (Ўзбекистон) энг даҳшатли  зилзила бўлди. Қурбонлар бўлиб, шаҳар деярли вайронага айланди, аммо ўша пайтдаги ҳукумат бу офат оқибатларини яширишга ҳаракат қилди. Аслида воқеалар қандай содир бўлганлиги тўғрисида менга бу воқеалар шоҳиди, сейсмология Институти ходими Обиджон Джураев сўзлаб берди.

ЖОНИВОРЛАР ОФАТНИ ОЛДИНДАН ҲИС ЭТИШДИ

Шуниси қизиқки, зилзиладан 2-3 кун олдин ит ва мушуклар поселкани тарк этиб, эпицентрдан қарама-қарши томонга кетишди. Ўшанда бу ҳолатга ҳеч ким аҳамият бермади. Кейинчалик эслашди.

– Зилзиладан бир кун олдин эпицентрадан 5 километр масофада эдик, – дейди Обиджон Джураев. – Узоқда бутун бир бошли подани қаёққадир югуриб кетаётганини кўрдик. Биз ҳайрон қолдик. Кейинчалик подачилар улар қўйлар эмас, итлар эканлигини айтишди. Нима учун улар бунчалик кўп ва қаерга қочиб кетаётганликлари ғалати туюлди.

Зилзилидан сўнг подачи Жўрабек билан учрашдик. У эпицентрга яқин яшарди ва марказда бўлган воқеаларни гапириб берди: «Авваламбор менинг эшагим менга қулоқ солмай қўйди, кейин эса ерга узала тушиб ётиб олиб, жойидан қимирлагиси келмади. Тўсатдан кучли гумбурлаган овоз келиб, эпицентр яқинида ер устида туманга ўхшаш нарса мен томон кела бошлади. Оёқларим остида ер титраб кетди, йиқилмаслигим учун ерга ётиб олдим. Шу вақт ўша булут мен устимдан ўтиб кетди, мен жуда қўрқдим, аммо у менга зарар етказмади».

 

Шу яқинда жойлашган эпидемиологик экспедиция ходимлари қизиқарли кузатувлари билан ўртоқлашишди. Улар илмий мақсадларда юмронқозиқ ва бошқа кемирувчиларни тутишарди, шунинг учун уларнинг чуқур инларини ковлаштиришарди. Зилзиладан олдин эса барча юмронқозиқлар ўз инларидан ташқарига чиқишди. Уларни қўл билан ҳам тутишганда, улар қочиб кетмас эди. Кейин илонларнинг ҳам одамларга нисбатан ҳеч қандай муносабат кўрсатмаганлигини сезишди. Хатардан ўрмалаб қочишни ўрнига, улар ўралиб олиб, ўз жойларидан қимирламай ётишди. Эчкемар ҳам бўшашиб, одамларни ўз ёнига яқинлаштирди, базўр ҳаракатланар эди. Улар қўрқувдан иродасиздек бўлиб, ўз-ўзини асраш инстинктини йўқотганга ўхшарди.

Кейинчалик зилзиладан олдин Газлидаги барча қалдирғочлар учиб кетиб, вақтинчалик Бухорода қўним топишгани ҳам аниқ бўлди.

 

Ҳовлидаги итлар ҳам ўзларини ғалати тута бошлашди. Газлида яшовчи Романова шундай сўзлаб берди: «Менинг мушугим менга жуда ўрганиб қолган эди, шунинг учун бошқаларникига ўхшаб, мени ташлаб кетмади. Зилзилидан олдин ўзини қўярга жой топмай қолди: тўхтовсиз миёвлаб, эшикни тирнарди, кейин ўзини деразадан кўчага ташламоқчи бўлди. Мушук ҳовлига чиқмоқчи деб ўйлаб, эшикни очдим. У лип этиб қочиб кетди, ва шу заҳоти зилзила бошланди». Тошкент зилзиласидан олдин ҳам худди шундай ҳолат кузатилган дейишади: жониворлар орасида ғалва кўтарилиб, улар увиллаб, инграб, безовта бўлишган.

 

ТАРИХДАН БИР ШИНГИЛ

Сейсмология институти олимлари тарихий қўлёзмаларни ўрганиб чиқиб, сўнгги 10 аср давомида қайси худудларда кучли зилзилалар кўрсатилган харитани тузишди. Келажакда юзага келиши мумкин бўлган катаклизмаларни олдиндан айтиб бериш учун бу маълумотлар керак бўлади. Статистик маълумотларга кўра, зилзилалар асосан тоғли худудларда кузатилади. Масалан, тарихчи Наршахнинг ёзишича, 1200 йилда Бухорода Калон минораси қуриб битказилгандан сўнг, «…жума номози куни масжитда номоз ўқилаётган пайтда, зилзила бўлиб, масжитнинг бир қисми қулаб тушди. Қурбонлар жуда кўп эди. Бухоронинг барча худудларида уйлар қулаб тушди». Шу тарихчининг маълумотларига кўра, 942 йилда зилзила қурбонлари шунчалик кўп эдики, Бухоро шаҳри ҳувиллаб қолди.

 

XIII асрда ҳукмдор Арслон Калон минорасини қайта қуриш бўйича топшириқ берди, аммо навбатдаги зилзиладан сўнг минора яна қулади. Фақат учинчи маротибага минора яхши қурилди  ва асрлар давомида турибди. Барибир Газли зилзиласида минора арақисининг бир қисми яна қулаб тушди, Жомий масжитининг гумбази ҳам иккига бўлиниб кетди.

Артур САМАРИ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Related Posts

Begin typing your search term above and press enter to search. Press ESC to cancel.

Back To Top